20.07.2025

Чегарада телефон текшируви: ўзбекистонликлар Россияга киришдан маҳрум бўлмоқда

Россия Федерал чегара хизмати Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига мамлакатга киришга оммавий равишда рад жавобини бермоқда. Сабаб сифатида уларнинг смартфонларида терроризм, экстремизм ёки Россияга қарши тарғибот билан боғлиқ контент — жумладан, тақиқланган каналларга обуна бўлиш ёки радикал материалларни томоша қилиш — аниқлангани келтирилмоқда. Сўнгги 18 ой ичида бундай қарорларни суд орқали қайта кўриб чиқишга 20 дан ортиқ уриниш бўлган, бироқ уларнинг барчаси муваффақиятсиз якунланган.
Чегарада телефон текшируви: ўзбекистонликлар Россияга киришдан маҳрум бўлмоқда

Россия Федерал чегара хизмати мамлакатга киришда қаттиқ чеклов чораларини жорий этмоқда. Хусусан, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига сўнги пайтларда ҳужжатлар эмас, балки уларнинг смартфонидаги маълумотлар асосида киришга рухсат берилмаётган ҳолатлар тобора кўпаймоқда. Асос сифатида Россия ҳудудида тақиқланган террорчилик ва экстремистик ташкилотлар каналларига обуна бўлиш, шунингдек, радикал материалларни томоша қилиш ҳолатлари кўрсатилмоқда. Бундай амалиёт сўнгги 18 ойдаги бир қатор суд қарорлари билан тасдиқланган. Бу ҳақда xabar bermoqda «URA.ru».

Ярқин мисол — Тожикистон фуқароси Дилшод А. билан боғлиқ воқеа. Чегара хизматчилари унинг телефонида Россия ҳудудида фаолияти тақиқланган радикал ислом даъватчиларига тегишли YouTube-каналларга обуналарни аниқлаган. «Фуқаро ихтиёрий равишда кўрсатган қурилма текширувидан сўнг, унда радикал даъватчиларнинг видеолари жойлаштирилган исломий ресурсларга обуналар мавжудлиги аниқланди», — дейилади суд ҳужжатларида. Шунингдек, Дилшод А.нинг Россияга қарши тарғибот мазмунидаги контентларни томоша қилгани ҳам унинг киришини рад этиш учун қўшимча асос бўлган.

Шу каби ҳолатлар Ўзбекистон фуқароларига ҳам тааллуқли. Масалан, Акмалжон Б.нинг смартфонида террорчи гуруҳлар ҳақидаги видеолар ва радикал диний блогерларга тегишли каналлар томоша қилингани аниқланган. Икки давлатдан келган бошқа мигрантларнинг қурилмаларида эса терроризмни оқлайдиган материалларга обуна, шунингдек, Россия куч тузилмалари ҳаракатларини танқид қилувчи ёзишмалар кузатилган. Чегара хизмати бундай рақамли изларни радикал ғояларга бўлган хавфли қизиқиш сифатида баҳоламоқда ва буни давлат хавфсизлиги учун эҳтимолий таҳдид деб ҳисобламоқда.

Шу асосларда Россияга кириши тақиқланган Тожикистон ва Ўзбекистондан келган 20 дан ортиқ шахс суд орқали бу қарорни бекор қилишга уринди. Улар иш шартномалари мавжудлиги ёки Россияда яқин қариндошлари борлигини асос қилиб кўрсатишган. Шу билан бирга, кўриб чиқилган барча ишлар бўйича суд органлари чегарачиларнинг ҳаракатларини тўлиқ қонуний деб топган. Бу ҳолат Россия расмийларининг фақат жисмоний эмас, балки виртуал чегараларни назорат қилишда ҳам юқори даражада жиддий ёндашувини яққол намоён этмоқда.

Izoh qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Прокрутить вверх
Язык сайта
Biz sizga veb-saytimizda eng yaxshi tajribani taqdim etishimiz uchun cookie-fayllardan foydalanamiz. Ushbu saytdan foydalanishni davom ettirish orqali siz bizning cookie-fayllardan foydalanishimizga rozilik bildirasiz.
Qabul qiling