Россия Давлат Думаси интернетда рўйхатдан ўтиш учун абонент рақамлари ва шахсий маълумотлар савдосига қарши жиноий жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Қонунга киритилган янги ўзгартишлар интернетдаги фирибгарлик схемалари ва бошқа шахсларнинг маълумотларидан фойдаланувчи жиноий гуруҳларга қарши курашга қаратилган. Энди шахсий маълумотлар ва абонент рақамларини ноқонуний равишда сотганлар жиддий жазога тортилади. Бу ҳақда xabar bermoqda «Ura.ru»
Агар мазкур ҳаракатлар шахсий манфаатни кўзлаб ёки бошқа жиноятни тайёрлаш мақсадида амалга оширилган бўлса, айбдор шахсларга 700 минг рублгача жарима ёки уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. Бундай операцияларда иштирок этган ҳамжиноятчилар эса 300 минг рублгача жаримага тортилиши ёки икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Интернет-ресурсларда авторизациядан ўтиш учун фойдаланиладиган маълумотларни ноқонуний тарзда узатишни ташкил этганлар ҳам худди шундай жазога тортилади. Қонунчилик ташаббускорлари таъкидлашича, ушбу чоралар кибержиноятчилик даражасини пасайтиради ва фойдаланувчиларни аккаунт ўғирланишидан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Янги қоидалар яқин кунларда кучга киради ва шахсий маълумотлар айланмаси устидан назоратни янада кучайтиради.


